ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов футбол бўйича мамлакат Суперлигаси стартига икки кун вақт қолганида ҳакам ва назоратчиларни бир ерга тўплади.
Йиғилишдан асосий мақсад футбол реферилари билан очиқча гаплашиб олиш эди. Унда спорт вазири Шоакрам Исроилов ҳам иштирок этди.
Ўзбек ҳакамлари дунёда ўз ўрнига эга, чунки Равшан Эрматовни ҳамма бирдек ҳурмат қилади. Лекин у ҳакамлик фаолиятини тугатса, шу даражада ишлайдиган бошқа ҳакам борми бизда? Эрматовнинг ишини ким давом эттиради?Европа ва Осиёнинг футболи ривожланган мамлакатлари футбол федерациялари билан меморандумлар имзоладик. Улардан фойдаланиб, ёш ҳакамларимиз учун хорижда турли семинарлар ташкил қилиб берамиз. Улар Европа жамоалари иштирокидаги ўйинларни бошқариб, малакаларини ошириб боради.
Умид Аҳмаджонов, ЎФА биринчи вице-президенти
Яқиндагина ўзбекистонлик футбол ҳакамлари Туркияга ташриф буюриб, ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этиб қайтганди. Шу вақтгача рефериларга бундай эътибор бўлмаган. Мадомики, уларга шароит яратиб бериляптими, демак, ЎФА бунинг самарасини ҳам талаб қилишга ҳақли бўлади.
Энди ҳакамларга ЎФА томонидан алоҳида ойлик-маош тайинланади. Ундан ташқари, регламентда белгиланганидек ҳар бир учрашув учун ҳакамларга тегишли миқдорда пул берилади. Яхши ҳакамлик қилганлар учун мукофот пулларини ҳам жорий қилдик. Мақсад битта — улар ўйинларни холис ва адолатли бошқарсин, қинғирликлардан узоқроқ юрсин.Йиғилишда иштирок этган Равшан Эрматов ЎФА раҳбариятининг талабини қўллаб-қувватлади. Аввалроқ Умид Аҳмаджонов бўлар-бўлмасга ётиб олиб, симуляция қиладиган футболчиларни жазолашга чақирганди. Бундай ҳолатлар футбол темпига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилганди.Ҳакамларга четдан босим ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким уларга босим ўтказишга уринса, ЎФА томонидан жазоланади. Ҳакам даҳлсиз бўлиши шарт. Уларнинг ишини фақатгина ЎФА раҳбарияти назорат қилади ва баҳолайди. Шундан кейин ҳам қинғирликларга аралашишса, порахўрлик ҳолати аниқланса, ўша ҳакам футбол билан бир умрга хайралашади.
Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёев футболдаги коррупцияни қаттиқ қоралаб, бу иллатни йўқотишга астойидил бел боғлаганликлари ҳаммага маълум. Адолатли ҳакамлик бор жойда футбол ривожланади.
Умид Аҳмаджонов, ЎФА биринчи вице-президенти
Футболимизда янги давр бошланмоқда. Биз ҳакамлар энди мана шу даврга ҳамоҳанг тарзда ўзгача иштиёқ билан ишлашимиз, малакамизни ошириб боришимиз керак. Ҳакам қанча кам хатога йўл қўйса, учрашувлар шунча қизиқарли ва шиддатли ўтади.Биз Европа футболига интилиб ишлашимиз лозим. Европада ҳакамлар майдонда кураш кечишига имкон беради. Ҳадеб ҳуштак чалавериб, ўйиннинг шиддатини ўлдириб қўймайди.
Равшан Эрматов, ФИФА рефериси
Ўзбекистон Суперлигаси 1 март куни расман старт олади. 1-тур ўйинларининг барчаси Sport-TV томонидан жонли намойиш этилади.
Изоҳ (0)