Ўтган ҳафта Канада бош вазири Жастин Трюдо оиласи билан Ҳиндистонга ташриф буюрди. Канада сиёсатчисининг расмий ташрифи саккиз кун давом этди ва тўлиқ барбод бўлишига бир баҳя қолди, деб ёзади Meduza.
Трюдо дастлаб ҳинд маданиятига такаббурона муносабатда, сўнгра сепаратист-сикхлар билан алоқаларда айбланди.
Бош вазир 17 февраль куни оиласи билан Ҳиндистонга етиб келди. Самолёт трапида турган сиёсатчининг барча оила аъзолари қўлларини анъанавий саломлашиш ҳолатига келтирди, кейинроқ анъанавий ҳинд либосларида суратга тушди. ОАВ бундай либослар расмий ташриф учун эмас, Болливуд фильмлари учун кўпроқ мос келишини таъкидлади. Танқидчилар Трюдони ҳинд маданиятига такаббурона муносабатда айблади.
Мумбайда Трюдо ва унинг оиласини сепаратист-сикхлар, жумладан, Жаспала Атвала даврасида пайқашди. Ҳиндистон ҳукумати Атвалани террорчи деб ҳисоблайди.
Шундан сўнг бутун дунё ОАВлари Ҳиндистон ҳукумати Канада бош вазири билан учрашувдан ўзини олиб қочаётганлигини маълум қилди. Ҳақиқатан ҳам Трюдо ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг учрашуви унинг ташрифи охирги куни, 23 февралда бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)