ЎзАда адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамнинг «Ҳамза – янги ўзбек адабиёти асосчиларидан бирими?» сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.
Янги адабиёт асосчиларидан бири бўлиш учун ижодкорга истеъдодли бўлиб туғилишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун у ижодкор сифатида омадли ҳам бўлиши шарт. Яъни унинг истеъдоди билан давр эҳтиёжлари бир-бирига мувофиқ тушмоғи керак. Худди Данте, Навоий, Пушкин зиммасига тушган омадли қисмат янглиғ. Шу маънода Ҳамза толеъи кулган ижодкор. У Беҳбудий, Фитрат, Қодирий ва Чўлпон билан бирга янги ўзбек адабиёти тамал тошини қўйганлардан биридир. Номлари зикр этилган улуғларимиз бутун бир миллат олдига давр юклаган улкан, кечиктирилмас муаммоларни, аввало, тўғри идрок этганлар, сўнгра асосийларини муваффақиятли ҳал этганлар. Шуниси билан уларнинг барчаси ижодкор сифатида жуда ҳам омадлидирлар.
Ўзбек адабиёти кейинги 500 йил мобайнида чинакамига икки туб бурилишни бошидан кечирди. Биринчиси, Навоий ва Бобур даври ўзбек (туркий) адабиёт билан боғлиқ бўлса, иккинчиси, ҳеч шубҳасиз, жадидлар даври адабиёти билан боғлиқ бурилишдир. Эҳтимол, Беҳбудий, Ҳамза, Фитрат, Қодирий ва Чўлпонларга насиб қилган истеъдод кучи Навоий ва Бобурнинг даҳоси билан бўйлаша олмас, лекин уларнинг маданият, маънавият, адабиёт, санъат ва илм соҳасида амалга оширган ишлари буюк салафлар хизматидан асло кам эмас. Зеро, жадид боболаримиз ўз зиммаларига давр юклаган миссияни жуда юксак даражада адо этганлар. Беҳбудий асосан мафкурада, Ҳамза драмада, Фитрат илмда, Қодирий насрда, Чўлпон эса шеъриятда ана шу улуғ вазифани бекаму кўст бажарганлар. Академик Наим Каримов ёзади: «ХХ аср бошларида туғилган ва шаклланган жадид адабиёти ўз олдига янги адабий бадиий вазифа қўйди ва вазифани ўташ жараёнида шу вақтга қадар адабиётимиз хазинасида бўлмаган янги адабий тур ва жанрлар, тасвир воситалари ва усулларининг юзага келишини тақозо этди». Бинобарин, бугунги, замонавий ўзбек адабиёти айнан кейинги янгиланиш йўлидан, жадидлар бошлаб берган қутлуғ йўлдан ривожланиб бораётганлигининг ўзиёқ адабиётимизда юз берган сўнгги туб бурилишнинг нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. ХХ ва XXI аср мобайнида адабиётимизнинг деярли барча соҳаларида юз берган асосий ўзгаришлар, янгиланишлар ана шу иккинчи туб бурилиш майдонида содир бўлди ва бўлмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки туб бурилиш бўлиши учун истакнинг ва ҳатто истеъдоднинг ўзи етмайди. Бунинг учун даврнинг қўйнида янгиланиш эҳтиёжи пайдо бўлиши керак. Беҳбудий, Ҳамза, Фитрат, Қодирий ва Чўлпонлар ана шундай эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келдилар. Гарчанд уларнинг шахсий қисматлари фожиали якун топган эса-да, (биронтаси ўз ажали билан ўлмаган, аксинча, янги ўзбек адабиёти йўлбошловчиларининг ҳаммаси айни ижодлари гуллаган вақтда қатағон қилинган!) номлари зикр этилган улуғлар ижодкор сифатида чиндан-да бахтлидирлар.
Ҳамза – серқирра ижодкор. Умуман, серқирралик жадид ижодкорларининг аксарига хос. Ҳамза – улуғ драматург, Ҳамза – анъана ва новаторликни бирлаштирган шоир, Ҳамза – бошловчи носир, Ҳамза – ўткир публицист, Ҳамза – моҳир педагог, Ҳамза – миллий композитор, Ҳамза – оташин нотиқ, Ҳамза – режиссёр, Ҳамза – театр арбоби... Булардан ташқари, халқимизнинг бу фидойи ўғлони юртнинг келажаги – маърифат, маориф, адабиёт, таълим-тарбия йўлида амалга оширган ишларининг салмоғи жуда оғир тош босади. Бу қутлуғ йўлда Ҳамза молини ҳам, жонини ҳам аямаган. Бу гаплар шунчаки чиройли гаплар эмас. Ҳамза ва у каби ўнлаб улуғ жадидларимизнинг тақдир йўллари чиндан-да бугунги замондош инсонни ҳайратга солишга қодир. Бу ўринда биз Ҳамза ижодий фаолиятининг тўрт қиррасига тўхталамиз, холос. Булар Ҳамзанинг драма, шеърият, наср ҳамда публицистика соҳаларидаги фаолиятидир.
Ҳамза драматургияси. ХХ аср аввалида ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги янгиланишлар асрлар давомида Шарқ мумтоз адабиёти анъаналари руҳида тараққий этиб келаётган ўзбек адабиётида драматик турни пайдо қилди. Драманинг туғилиши ўзбек адабиёти учун худди роман жанри каби янги ҳодиса эди. Ҳамза ана шу ҳодисанинг бошида турди ва ўз драматик асарлари билан ўзбек драматургиясига асос солди. Мадомики, сўз шу масалага келиб тақалган экан, Ҳамза ва унинг ўзбек драматургиясидаги ўрни масаласида баҳсли қарашлар борлигини айтиш жоиз. Хуллас, масала қисқа ва лўнда баён қилинса, шундай ҳолга келади: Мирмуҳсин Шермуҳамедов («Бефарзанд Очилдибой», 1914 йил), Ҳамза («Янги саодат ёхуд Миллий роман», 1915) лар роман тажрибасига илк марта қўл урган бўлса-да, уларнинг ҳаракатлари бир тажриба, уриниш даражасида қолган эди. Қодирий эса «бир ҳамла»да «Ўткан кунлар» (1924) билан роман жанрининг рисоладаги талабларига жавоб берувчи йирик насрий асар яратган эди. Шунинг учун ҳам Қодирий ўзбек романчилигининг асосчиси дейилади. Ёхуд Навоийдан олдин Хоразмий, Лутфий, Атоий, Саккокийлар туркий тилда ашъор битгани билан бу тилдаги улуғ хизматлари туфайли айнан Алишер Навоийни ўзбек адабиёти ва адабий тилининг асосчиси деймиз. Адабиётшунослик илмининг мана шу баҳолаш мезонини драматургия соҳасига тадбиқ қилингудек бўлса, қаршимизда қуйидагича манзара қад ростлайди: гарчанд Маҳмудхўжа Беҳбудий «Падаркуш» (1911) номли 2,5 бетлик песаси билан ўзбек адабиётида песа ёзиб беришни бошлаган бўлса-да, драматургиянинг бутун талабларига жавоб бера оладиган песаларни айнан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий («Заҳарли ҳаёт» (1916), «Майсаранинг иши» (1926), «Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки Яллачилар иши» (1927)ни ёзди. Булардан ташқари, «Бурунғи сайловлар», «Жаҳон сармоясининг энг охирги кунлари», «Қозининг сирлари», "Эл қузғунлари» каби 1921 ва 1928- йиллар орасида ёзилган катта-кичик драмалари мавжуд. Бас, шундай экан, Қодирий ўзбек романчилиги асосчиси деган номга қанчалик сазовор ва ҳақли бўлса, Ҳамза ҳам ўзбек драматургияси асосчиси деган унвонга шунчалар ҳақдор ва муносиб бўлиб кўринади. Албатта, ушбу масала юзасидан мавжуд фактларни турли йўсинда таҳлилу талқин этиб, бир-бирига қарама-қарши хулосаларни ўртага ташлаш мумкин. Аммо адабиёт илмининг баҳолаш критериялари ҳамма учун бир хил бўлиши адолатдан эканлигидан келиб чиқиладиган бўлса, Қодирийга раво кўрилган адолат мезони Ҳамзага келганда таврини ўзгартирмаслиги лозим бўлади. Албатта, бу жиддий масаланинг бошқа нозик жиҳатлари ҳам бўлиши мумкин. Бундай жиҳатлар истисно қилинмайди. Шунинг учун ҳам соҳа билимдонлари ушбу баҳсталаб масала бўйича асосли, илмий мушоҳадаларини қайтадан ўртага ташлашса, адабиётшунослик ва драматургия кесишган нуқтадаги битта муаммога ойдинлик киритилган бўларди. Нима бўлганда ҳам, ҳали драматургиямизнинг ҳам амалий, ҳам назарий саҳнасида амалга оширилиши, ҳал этилиши керак бўлган жуда кўп ишлар олдимизда турибди. Бунга, жумладан, Ҳамзанинг драма соҳасидаги ўта салмоқдор ижоди ҳам манба бўлиб хизмат қилади.
Ҳамзанинг 1916 ва 1920 йилларда ёзилган «Бой ила хизматчи», «Лошман фожиалари», «Фарғона фожиалари» каби асарлари йўқолган. Фақат «Лошман фожиалари»нинг «Истибдод қурбонлари» деган қисми ҳамда «Бой ила хизматчи» драмасининг афишаси сақланиб қолган. Яқин-яқинларгача театрларимизда қўйилиб келган «Бой ила хизматчи» драмасини эса драматург Комил Яшин афишада акс этган мазмун бўйича қайта тиклаган.
Ҳамзанинг ўзбек драматургия соҳасидаги фаолиятини қисқача қилиб, у ўз даври халқ ҳаётини кўзгуга солиб кўрсатиб беришнинг уддасидан чиқди, дейиш мумкин. Бу эса, барча замонлар ижодкорининг муқаддас орзуси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ҳамзанинг энг сара драмалари ҳозиргача саҳна юзидан тушмай келмоқда.
Булардан ташқари, Ҳамзанинг яна «Ҳақиқат нима?» деган асар ёзганлиги, лекин қўлёзма нашр бўлмай йўқолгани ҳақида маълумот бор. Чунончи, «Шоиримиз Ҳамза Ҳакимзоданинг қисқача таржимаи ҳоли»да «Ҳақиқат нима?» деган бир зўр асар ёзғон бўлсада, табъ эттира олмай йўқотғон» деган маълумот келади. Бу ҳақда Ҳамзанинг ўзи «Таржимои ҳол»ида «...эски подшолар турмушидан бир «Ҳақиқат кимда?» исмли ҳавосиз опералик роман ёзған эдим, ўғурлатдим, бугунки, топилмайдир» деб ёзади. Чунки замон ғоят алғов-алғовли эди. Ҳамзаниг ўзи ҳам гоҳ мактаб очаман деб, гоҳ халқ маърифати йўлида хизмат қиламан деб, гоҳ театр ташкил этаман деб доимо сафарларда юрган, ҳаётнинг қайноқ қучоғида оқимга қарши хўп сузган. Бинобарин, жадид ижодкорнинг ўзига яраша дўст-душмани кўп бўлган. Боз устига, «Ҳиндистон, Макка, Мадина, Шом, Бейрут билан саёҳат қилиб, Стамбулға ўқишға келган бўлсам ҳам...» деган эътирофларидан Ҳамзанинг бир қанча хорижий мамлакатларни кезиб келгани ҳам маълум бўлади. Бундай талотўп ва саёҳатларнинг ичида, тарафдор ва рақибларнинг даврасида ўша асарнинг йўқолгани ҳақидаги маълумот кишида шубҳа уйғотмайди.
Ҳамза шеърияти. Жадидлар шеъриятининг яловбардори Чўлпон эсада, Ҳамзанинг таржимаи ҳоли айнан шеъриятида кўпроқ намоён бўлган, дейиш мумкин. Чунки шеър – мобил жанр. Унда шоир имкон топди дегунча қисқа вақт ичида ўз ҳис-туйғуларидан тортиб, ижтимоий, сиёсий, мафкуравий, маърифий ғояларини бирин-сирин қозозга тушириб қўяверган. Чоп-чопларнинг орасида аксар ҳолларда шеърларни қайта ишлаш имкони бўлмаганидан мазмун ва шакл мутаносиблиги жиҳатидан қиёмига етмаган машқлар кўплаб учрайди. Қатъи назар, Ҳамза шеърлари унинг босиб ўтган йўлларидан гувоҳлик бериб туради.
ХХ юз йиллик ибтидосида миллатнинг тафаккур гуллари маърифатсизликни юртнинг энг оғриқ нуқталаридан бири деб билдилар. Шунинг учун ҳам улар истеъдодларини элни ўқимишли қилишга бағишладилар, бу йўлда вақтлари, кучлари, маблағлари ва ҳатто жонларини ҳам аямадилар. Улар халқнинг маърифатли бўлишини юрт равнақи ва миллат тараққийсининг асоси, деб билдилар. Оқибат – адабиётда маърифатли киши образи пайдо бўлди. Авлоний, Сўфизода, Ибрат, Ҳамза, Фитрат, Чўлпон каби қатор шоирларнинг ижодида шу ғоя қайта-қайта ишланди.
Узун гапнинг қисқаси шуки, ХХ аср тонготарида Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза, Қодирий ва Чўлпон томонидан мафкура, илм ва адабиёт соҳасида амалга оширилган ишларнинг аҳамияти юз йилларга эмас, балки минг йилларга татийди. Чунки бугунги адабиётимиз, театримиз ва бу соҳалар илми айнан улар асос солган йўлдан ривожланиб бормоқда. Уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, ХХ ва XXI адабиётию, театрининг сарчашмаси айнан юқорида номлари зикр этилган боболаримизнинг ижодлари эканлигини ҳамиша ёдда тутишимиз сиз билан бизнинг улуғ боболаримизга нечоғли муносиб ворис бўлганимизни билдиради. Шу маънода, адиблар хиёбонида Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий каби улуғлардан сўнг айнан Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза, Қодирий ва Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳайкаллари қад ростласа, бир томони, тарихий ҳақиқат тикланиб, замонавий адабиёт ва мумтоз адабиёт ўртасига кўприк ташлаган,бошқа томони, ҳозирда боғни безаб турган ХХ асрнинг забардаст ижодкорлари ўз олдиларига келиб қўшилган устозларининг даврасида қадларини янада адл тутган бўлур эди.
Изоҳ (0)