Республика товар-хом ашё биржаси орқали февраль ойидан бошлаб пахта толаси экспортга сотила бошланди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати маълум қилди.
Бугунги кунда биржа савдолари орқали «Ўзпахтасаноат» АЖ пахта толасини экспорт қилиш учун 1 тоннали лот билан 40 та стандартлаштирилган биржа шартномалари очилган. Биржа товарини етказиб бериш шарти FCA — Ўзбекистон ҳудудидаги ихтисослашган пахта терминаллари.
Ўтган вақт мобайнида умумий суммаси 8,2 млн долларлик 4,6 минг тоннадан ортиқ пахта толаси экспортга сотилди. Пахта толаси учун ўртача котировка 1770,3 долларни ташкил этди.
Жумладан, «Олий» класснинг биринчи навли пахта толаси учун биржа нархи бир тоннаси учун 1939,2 доллар, «Яхши» класснинг учинчи навли пахта толаси учун нарх бир тоннаси учун 1744,9 долларни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаб чиқарилган пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан пахта толаси экспортга хорижий валютада норезидентларга биржа савдолари орқали ва тўғридан-тўғри контрактлар бўйича сотилади.
Изоҳ (0)