Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси тизимида «Эзгулик патрули» иш бошлади, деб хабар беради ЎзА.
Вилоятда хавфсиз туризмни таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу гуруҳ хорижий тилларни биладиган малакали ходимлардан таркиб топган.
«Патруль ходимлари Урганч ва Хива шаҳарларида жамоат тартибини сақлаш, шаҳарликлар ва меҳмонларга соҳа бўйича зарур хизматлар кўрсатиш баробарида ўзларига мурожаат қилган ҳар қандай фуқаро билан мулоқотда самимий, агар зарурат бўлса, биринчи тиббий ёрдам кўрсата олади. Энг муҳими, замонавий алоқа воситалари ва хизмат анжомлари билан таъминланган ушбу ходимлар хорижий тилларда эркин сўзлаша олади», — дейилади хабарда.
Бугунги кунда бу каби «Эзгулик патрули» Хива шаҳрининг «Ичан қалъа» мажмуаси, Урганч темир йўл вокзали ва халқаро аэропорти атрофида хизмат олиб бораётган бўлса, келгусида уларнинг сафини янада кенгайтириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Хоразм вилоятида ички ишлар органларининг отлиқ патруль гуруҳлари хизмати ҳам тажриба тариқасида йўлга қўйилди.
Изоҳ (0)