Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил қилган давра суҳбатида 2018 йил апрелида ишга тушириш кўзда тутилган, фуқароларнинг Олий Мажлис палаталарига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминловчи «Менинг фикрим» веб-порталининг концептуал ҳолати муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Народное слово» хабар бермоқда.
Веб-порталнинг жорий этилиши 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб қўйилган.
Давра суҳбати иштирокчилари фуқароларнинг ҳукумат вакиллик органларига электрон мурожаати соҳасида қўлланиладиган асосий тушунча ва терминлар, электрон жамоавий мурожаат турлари, моҳияти ва уларнинг мазмуни бўйича асосий талабларни кўриб чиқди.
Давра суҳбати якунлари бўйича махсус веб-портал концепциясини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)