Фарғона вилоятининг Риштон, Сўх ва Бувайда туманларида халқ депутатлари туман кенгашларининг навбатдан ташқари сессиялари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлигидаги манба «Дарё»га маълум қилди.
Ҳар учала тумандаги йиғилишларда ташкилий масалалар кўрилиб, ҳудудларга янги ҳокимлар тайинланган. Риштон, Сўх ва Бувайдадаги бу йиғилишларда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам қатнашган.
Хабар беришларича, Риштон тумани ҳокими Ғайрат Мамадалиев ўз аризасига кўра вазифасидан озод қилинган. Унинг ўрнига шу вақтгача Сўх туманига раҳбарлик қилиб келган Таваккал Раҳимов Риштонга ҳоким этиб тайинланган.
Фарғона вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармасига раҳбарлик қилиб келаётган Фаррух Ўсаров эса Сўх туманига ҳоким этиб тайинланган.
Шунингдек, Алибек Турсунов вилоят ҳокимининг ўринбосари этиб тайинлангани муносабати билан, Бувайда тумани ҳокими лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига Бағдод тумани ҳокими ўринбосари Беҳзод Ибрагимов Бувайдага ҳоким бўлган.
Изоҳ (0)