Ўзбекистон Республикаси «Қамчиқ» қидирув-қутқарув бошқармасига «Трэкол» йўлтанламас транспорт воситаси олиб келинди, деб хабар берди «Халқ сўзи» газетаси.
Мазкур махсус авария-қутқарув техникаси Россиядаги «Трэкол» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси базасида тайёрланган. У уч ўққа эга тўлиқ узатмали машина ҳисобланади. Ер усти қатламининг ўзига хослигидан келиб чиқиб ичидаги босим қўл билан бошқариладиган камерасиз шиналар қўйилган.
«Трэкол» йўлтанламас-амфибиянинг ўзига хос жиҳати шиша-пластикдан тайёрланган енгиллаштирилган ҳамда илиқ кузовидир. Одамлар ва фойдали юкларни ташиш учун учта: олди тарафга иккита ва орт томонга битта эшик ўрнатилган. Машина ичида ҳайдовчи ва йўловчи учун эса иккита ўриндиқ бор. Юк бўлимига эса 8 киши ёки 700 килограммгача юк сиғдира олади. Ғилдирак формуласи 6х6, қаттиқ ва қалин юзада 700, юқа юзада ва сувда 400 килограммгача юк кўтариш имконияти мавжуд.
Транспорт воситаси асфальтли шосседа соатига 70 километр тезлик билан ҳаракатлана олади.
Изоҳ (0)