2015 йилги Париж терактларини уюштиришда айбланаётган Салоҳ Абдисломга қарши суд жараёни 5 февраль куни Брюсселда бошланади, деб ёзади «ТАСС». У Бельгияда 2016 йилда қўлга олишга уриниш чоғида полиция билан отишмада қатнашгани учун суд қилинади.
Абдислом суд мажлисига ўзи ҳибсда сақланаётган Франциядан полиция вертолётида келтирилади. Суд биносида ва террорчининг атрофида «фавқулодда хавфсизлик қоидалари» амал қилади. Залга иккита камера ўрнатилади, бу эса журналистларга бошқа хонада туриб, суд жараёнини кузатиш имконини беради.
Парижда 2015 йил 14 ноябрга ўтар кечаси юз берган терактлар оқибатида 130 га яқин одам ҳалок бўлди, 350 дан ортиқ киши турли даражада жароҳатланди. Юз берган ҳодиса Европада сўнгги ўн йилда кузатилган энг қонли теракт, деб аталди.
Абдислом етти террорчидан бири бўлган, аммо худкушлик камари ишламай қолган ёки унинг ўзи сўнгги лаҳзада портловчи қурилмани ҳаракатга келтирмаган. 2016 йилнинг мартида қўлга олингунига қадар жангари Брюсселдаги муҳожирлар ҳамжамиятида яшовчи дўстларининг уйига яширинган.
Изоҳ (0)