Ўзбекистоннинг Республика товар-хом ашё биржасида 2018 йил январидан Қозоғистондан импорт қилинган цемент сотувга қўйилмоқда. Бу ҳақда биржа сайтида хабар берилган.
Импорт қилинган цементнинг сотувчилари сифатида Agro Lina ва IV Stal Invest компаниялари иштирок этмоқда. Хабар беришларича, маҳсулот Тошкент шаҳридаги омборхонадан етказиб берилади.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 17 январдаги «Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, цемент, қурилиш ойнаси, қора металл прокати ва бошқа алоҳида турдаги маҳсулотларни импорт қилишда божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз берилган.
Ушбу маҳсулот ва хом ашё турлари фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади. Импортёрлар мазкур товарларни биржа орқали сотишда божхона имтиёзларидан эркин фойдаланиши мумкин.
Қайд этишларича, биржанинг қурилиш моллари сегментидаги савдоларда ҳар куни ўртача мингга яқин мижоз иштирок этиб, 300 дан зиёд битимлар тузилмоқда.
Изоҳ (0)