Омск вилояти Новоомский посёлкасидаги ётоқхонада юзага келган ёнғин оқибатида беш киши, жумладан, икки нафар бола ҳалок бўлди. Яна етти киши жабрланди. Бу ҳақда 28 январь, якшанба куни Россия Тергов қўмитаси ҳудудий бошқармаси маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Бугун, 28 январь куни тонгги 5:30 да Омск чекка қисмидаги Новоомский посёлкасида беш қаватли ётоқхона биносида ёнғин юзага келди. Ёнғин давомида, дастлабки маълумотларга кўра, беш киши ҳалок бўлди. Улардан икки нафари вояга етмаган — 13 ва 14 ёшли бола, яна етти киши жабрланди», — аниқлик киритади бошқарма.
Уч нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган, улардан икки нафари оғир аҳволда. Ҳозирги пайтда терговчилар воқеа жойини кўздан кечирмоқда ва ёнғин сабабларини аниқламоқда.
ФВВ қутқарувчилар бинодан 60 кишини эвакуация қилганлигини маълум қилди. Ёнғин 08:29 да бартараф этилди, бунда 46 нафар ўт ўчирувчи ва 13 та техника иштирок этди. Ёнғинга олов билан эҳтиёткор муносабатда бўлмаслик сабаб бўлганлиги тахмин қилинмоқда.
Изоҳ (0)