25 январь куни Ўзбекистон миллий университетида ислом академияси илмий кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.
Йиғилишда академиклар, олимлар, профессор ўқитувчилар, фан докторлари, илмий кенгаш аъзолари ва дин пешволари иштирок этди.
16 январь куни давлат рўйхатидан ўтган ислом академиясида «Қуръоншунослик», «Фиқҳ илми», «Ҳадисшунослик» ва «Калом илми» мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, илмий-педагог кадрлар тайёрланиши кўзда тутилган.
Академия диний идора муассислигидаги диний ва дунёвий таълим берувчи нодавлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари – республикада фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини юқори малакали илмий кадрлар билан таъминлаш ҳамда тайёрланаётган мутахассисларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ошириш, шунингдек, қуръоншунослик, тафсир ва фиҳ, ҳадисшунослик, калом илми йўналишлари бўйича магистрларни, етук илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашдан иборат.
Изоҳ (0)