АҚШнинг Эрмистон шаҳрида яшовчи полициячи Брайан Месс икки дўсти билан қайиқда балиқ овлаётган вақтда катер қайиққа яқинлашиб келган ва урилган. Ҳолат қайиқдаги GoPro камерасида ёзилган, қайиқдагилар эса катер урилишидан бир сония олдин ундан сувга сакрашга улгурган. TJournal ҳолат акс этган видеони тақдим этди.
Видеода кўринадики катер катта тезликда қайиққа яқинлашиб келган. Катернинг капитани Марлин Ларсен балиқчиларни умуман пайқамаган. Месс дўстлари билан унга қарата қўл силкитган, бироқ уларни ҳеч ким кўрмаган.
Ҳодисадан сўнг Месс 372,5 минг долларлик зарар ҳақида шикоят билан Ларсенга нисбатан судга мурожаат қилган. Бундан ташқари, балиқчини ҳодисадан кейин бош оғриғи ва кўриш билан боғлиқ муаммолар қийнаган, шунингдек, у тиззасидан, тўпиғидан ва қўлидан жароҳат олган.
Ларсеннинг куёви айтишича, у 75 ёшли эркакни телефондан фойдаланиш ўрнига йўлга эътибор бериш ҳақида огоҳлантирган. Ларсен эса ўзини ҳодисада айбдор деб тан олмаган.
Изоҳ (0)