Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва таваллудининг 80 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирларга тайёргарлик ишлари ҳолати ва амалга оширилаётган чораларга бағишланган йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ҳам сўзга чиқди. Бу ҳақда «Xabar.uz» нашри маълум қилди.
«Ҳазрати Хизр мажмуасида қурилиш ишлари тугалланган. Мажмуа очилиш маросимига тайёр. Ўша куни Самарқанднинг барча туман ва шаҳарларида эҳсон оши берилади», — дея таъкидлади Туробжон Жўраев.
Шунингдек, йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими Ўзбекистон Президентидан мажмуанинг очилишига бутун республикадан меҳмонларни таклиф этишга рухсат сўраган. Бунга жавобан давлат раҳбари тадбирга ҳар бир вилоятдан 50 нафардан меҳмон, яъни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан бирга ишлаганлар, зиёлилар, ёшлар вакиллари боришини маълум қилган.
Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга бошқа вилоятлардан келувчи меҳмонларнинг келиб-кетиши бепул ва беғараз бўлишини ташкиллаштириш ҳақида топшириқ берган.
Изоҳ (0)