АҚШнинг Калифорния штати Перрис шаҳрида икки ёшдан 29 ёшгача бўлган 13 фарзандини қамоқда сақлаб келган эр-хотин қўлга олинди, деб ёзади «ТАСС».
14 январь, якшанба куни полиция участкасига 17 ёшли қиз қўнғироқ қилиб, ота-онаси ўз уйида уни ва яна 12 нафар опа-сингил, ака-укаларини куч билан ушлаб турганини, уларнинг баъзилари занжирбанд қилинганини айтган. Қиз қамоқдан қочиб чиқишга муваффақ бўлган.
Воқеа жойига етиб келган полициячилар қоронғиликда ва ифлос шароитда сақланаётган 12 кишини аниқлади. Уларнинг ота-онаси, 57 ёшли Дэвид Аллен Терпин ва 49 ёшли Луиз Анна Терпин болаларига нима сабабдан бундай муносабатда бўлганини тушунтириб бера олмади.
Болаларнинг беш нафари вояга етмаган, етти нафари эса 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган. Уларнинг барчаси озиқ-овқат етишмаслигидан озиб-тўзиб кетган эди, улар касалхоналарга жўнатилди.
Эр-хотин Терпинлар ҳибсга олинди, уларга болалар ҳаётини хавф остига қўювчи қийноқлар ва хатти-ҳаракатларни қўллаш айбловлари илгари сурилди.
Изоҳ (0)