Хориж сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Россиянинг Ставрополь ўлкаси муфтийси Муҳаммад ҳожи Раҳимов ва бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан учрашди. Шунингдек, Пятигорск шаҳридаги масжид ва мадрасалар фаолияти билан яқиндан танишди, дея хабар беради «Muslim.uz».
Ставрополь ўлкаси муфтийси билан бўлган мулоқотда Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди. Усмонхон Алимов Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, катта янгиликлар ва улкан ўзгаришлар тўғрисида гапириб берди. Ўзбекистон ва Ставрополь мусулмонлари идоралари алоқалари йилдан йилга сайқалланиб келаётгани, охирги икки йилда идоралар вакиллари бир неча бор мулоқот қилганини таъкидлади.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ставрополь ўлкасидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан учрашиб, мамлакатда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар, ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани, кенг миқёсда Қуръон мусобақаси уюштирилаётганини билдирди. Ватанга садоқат, оила муқаддаслиги, огоҳлик мавзуларида амру-маъруф қилиб берди. Муҳожирларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан қизиқиб, саволларига жавоб қайтарди.
Кўп йиллардан буён Ставрополь ўлкасида яшайдиган, асли самарқандлик бўлган табаррук ёшдаги онахон билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди. «Пятигорск» радиосига интервью берди.
Ставрополь ўлкасига сафар давом этмоқда.
Изоҳ (0)