30 январь куни Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-офф ўйинида майдонга тушадиган Қаршининг «Насаф» клуби асосий таркибнинг беш футболчиси билан шартномаларни узайтирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Унда айтилишича, Жасур Ҳасанов, Умар Эшмуродов ҳамда Санжар Қувватов янги таклифга рози бўлган. Дарвозабон Санжар Қувватов «Пахтакор» Элдор Суюновни харид қилгач, «Насаф»нинг асосий посбонига айланганди. Унинг ёрдами билан қаршиликларни мавсумни вице-чемпион сифатида якунлай олди. Қувватов «Насаф»нинг кетма-кет 11 та ўйин давом этган ғалабали сериясига катта ҳисса қўшиб, 10 та учрашувда дарвозасини қуруқ сақлаганди.
Шунингдек, легионер футболчилардан Игорь Голбан ҳамда Драган Черан ҳам «Насаф» билан янги келишувларга эришган. Черан 2017 йилги мавсумнинг энг яхши легионери сифатида тўпурарлар пойгасида Марат Бикмаевдан кейин иккинчи бўлганди.
Юқоридаги футболчилар билан шартномалар қанчага мўлжаллангани борасида маълумот берилмаган. Бунгача Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ўз сафига қўшиб олаётган футболчилари билан шартномалар қанчага мўлжалланганини аниқ айтиб келаётганди.
Изоҳ (0)