28 декабрь куни ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари ва бир қатор интернет-нашрлар Тошкентдаги «Дўмбиробод» масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғайга асосланиб, ўзбекистонлик зиёратчилар учун Ҳаж нархи 45 миллион сўм бўлгани ҳақида хабар берди.
Хабар беришларича, имом Ҳаж зиёрати учун тўлов қийматининг ошишини Ўзбекистонда валюта конвертацияси очилиб, «қора бозор» ва расмий давлат курси бир хиллаштирилгани билан изоҳлаган.
Шермурод Тоғай бу ҳақда Facebook’да хабар қолдиргани айтилмоқда. 29 декабрь ҳолатига кўра, интернет-нашрлар улашган ҳавола бўйича Facebook’да ҳеч қандай ахборот йўқ. Шунга қарамай, имом-хатиб томонидан тарқатилгани айтилаётган ахборот шов-шув кўтаришга улгурган.
«Дарё» мазкур масала юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитадаги манбаларга мурожаат қилди.
Ҳар иккала ташкилот вакиллари Ҳаж зиёрати учун тўлов миқдори оширилгани ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз экани, бу ҳақда яқин вақт ичида расмий ахборот берилишини маълум қилди.
Изоҳ (0)