Парламент қуйи палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда Иқтисодиёт вазирлигининг тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳасини такомиллаштириш бўйича фаолияти натижалари юзасидан ахбороти эшитилди ва муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидланишича, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 750 маҳаллийлаштириш лойиҳаси бўйича ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 5 триллион 781 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва режа 149 фоизга бажарилган.
Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳаларини амалга ошириш натижасида саноат маҳсулотларининг 150 дан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Натижада 351 миллион доллар ҳажмидаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг экспорти таъминланган. Яна бир муҳим жиҳат, дастур доирасида жорий йилнинг уч чораги давомида 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилган.
Тадбирда иштирокчилар соҳани янада ривожлантиришга доир фикр-мулоҳазалар билдириб, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар берди. Эшитув якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳ (0)