Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида уйида ноқонуний қурол сақлаб келган яна бир шахс аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
«Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган ‘Тозалаш-Антитеррор’ тадбири давомида Юнусобод тумани ҳудудида истиқомат қилувчи шахс ўз уйида қурол жанговар ўқларини сақлаб келаётганлиги ҳақида маълумот келиб тушган», — дейилади хабарномада.
13 декабрь куни ходимлар томонидан 1950 йилда туғилган Шипков Владимир Степановичнинг яшаш хонадони текширилди. Текширув давомида В.С. Шипков хонадон омборхонасида харбий қутичага солинган АК-74 автоматининг 5,45 калибрли 232 та жанговар ўқларини сақлаб келаётгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан юқорида кўрсатиб қурол ўқлари белгиланган тартибда олиниб, В.С. Шипковга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, муқаддам Тошкентда уйида ноқонуний ов қуроли сақлаб келган фуқаро жавобгарликка тортилган эди.
Изоҳ (0)