Музейга охирги марта қачон боргансиз? Музей эмоциялар, туйғулар, билимлар хазинаси эканлигини биласизми? Музейлар фақат ўқувчилар, санъатга алоқадор кишилар, экскурсияга чиққанлар учун эмас. Музейлар ҳамма учун, шу жумладан сиз учун ҳамдир.
Санъат – мўъжизадир
Санъат асарини томоша қилаётганингизда, уни фақат миянгиз билан эмас, бутун борлиғингиз билан қабул қиласиз. Ҳар бир санъат асари сизга жуда кўп нарсалар ҳақида ҳикоя қилиб бериши мумкин.Қуйидаги оддий маслаҳатлар музейлар ва улардаги санъат асарларини ёқтириб қолишингизга ёрдам беради, деган умиддамиз.
- Ҳар бир асар ёнига осиб қўйилган маълумот ёзилган тахтачани албатта ўқинг. Бундан асар ҳақидаги асосий маълумотларни билиб оласиз.
- Аудиогид олинг, ундан санъат асарлари ҳақида овозли маълумотлар оласиз.
- Музейнинг ҳамма залларини тез айланиб чиқишни режалаштирманг. Санъат асари қаршисида тўхтаб, яхшилаб томоша қилинг, нимани ҳис қилаётганингиз ҳақида ўйланг ва тушунишга ҳаракат қилинг.
- Ўзингизга ва туйғуларингизга ишонинг.
- Ўзингизни муаллифнинг ўрнига қўйиб кўринг. Унинг дунёни қандай кўз билан кўрганлиги, асардаги манзарани қандай таассурот остида яратганлиги ҳақида тасаввур қилинг. Шунда муаллифнинг сизга ўхшаган ҳақиқатда бўлган ёки бор одам эканлигини тушунасиз ва асарни кучлироқ ҳис эта бошлайсиз.
- Музейдаги одамларни кузатиш ҳам ўзига хос қизиқарли. Кимдир ҳар бир асар қаршисида узоқ вақт тўхтаб, синчковлик билан томоша қилса, кимдир тез-тез ўтиб кетади, кимдир асарга умуман эътибор бермайди. Лекин одамларни айбламанг, ҳар кимнинг ўз қизиқишлари ва ўз услублари бор.
- Суҳбатларга қулоқ тутинг. Томошабинлар орасида экскурсоводлар, санъат соҳаси билимдонлари ёки кутилмаган дунёқарашга эга бўлган одамлар учраб қолиши мумкин. Уларнинг суҳбатларидан фойдали ва қизиқарли маълумотларни билиб олиш мумкин.
Манба: Rambler Weekend
Изоҳ (0)