Америка маъмурияти Сурия президенти Башар Асад 2021 йилга белгиланган келгуси президент сайловларига қадар мамлакат ҳокимияти тепасида қолишига рози бўлишга тайёр. Бу ҳақда The New Yorker Америка ва Европа сиёсатчилари маълумотларига таяниб хабар берди, деб ёзади «Интерфакс».
Ушбу қарор «жойдаги ҳарбий воқеликни ва Сурия президентини қўллаб-қувватловчи мамлакат иттифоқдошлари — Россия, Эрон ва ‘Ҳизбулла’ ҳаракати муваффақиятларини акс эттиради», деб ёзади нашр.
АҚШ Суриядаги кампания учун 2014 йилдан буён 14 миллиард доллардан зиёд сарфлаган бўлишига қарамай, «ҳодиса жойидаги фактлар Америка маъмуриятини Асаднинг ҳокимият тепасида яна камида бир йил қолишига рози бўлишга мажбур қилмоқда», — дейилади мақолада.
«Дипломатик планда Вашингтон бугунги кунда тинчлик жараёнида устунлик қилаётган кучли учлик — Россия, Эрон ва Туркия томонидан яккалатиб қўйилган эди», — дейилади мақолада. Бундан, хусусан, БМТ раҳбарлигида Женевада ўтказилган Сурияаро музокаралар ҳақиқий натижаларга олиб бормаётгани, «БМТ ҳаракатлари ўрни эса Россия раҳбарлигидаги учликнинг Остонадаги тинчлик музокаралари билан босилганлиги» гувоҳлик бермоқда, деб ёзади мақола муаллифи.