Тинч океанида жойлашган Американинг Гавайи штатида совуқ уруш давридан буён биринчи маротаба ядровий ҳужумдан огоҳлантириш тизими синовдан ўтказилди. Бу ҳақда ABC телеканалига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Йиғлаётган сирена» шаклидаги огоҳлантириш сигнали ушбу жойларда цунами хавфидан огоҳлантирувчи анъанавий сигналдан сўнг янгради. Маҳаллий ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, КХДР томонидан ракета учирилгудек бўлса, Гавайи оролининг аҳолисида бошпанага беркиниш учун 20 дақиқа вақт бўлади.
Гавайи АҚШ штатлари орасида сўнгги чорак асрдан буён ядро ҳужумидан огоҳлантирувчи тизимни ишлатган биринчи штат ҳисобланади. Оролда штат аҳолисидан ташқари АҚШнинг бошқа кўплаб ҳарбий объектлари ҳам мавжуд.
Синов бир ой олдинроқ режалаштирилганига қарамай, КХДР томонидан навбатдаги ракета учирилиши амалга оширилганидан уч кун ўтгач синаб кўрилди.
Шимолий Корея 29 ноябрь, чоршанба куни кечаси «Хвасон-15» қитъалараро баллистик ракетасини учирди. Парвоз нуқтасининг максимал баландлиги 4475 километрни, узоқлиги эса 950 километрни ташкил этди.
Парвоз 53 дақиқа давом этган ва Япониянинг Аомори префектурасидан 250 километр наридаги иқтисодий зонага бориб тушган. У денгиз ва ҳаво кемаларига ҳеч қандай зарар етказмаган.
Изоҳ (0)