АҚШнинг Pew Research Center маркази томонидан ўтказилган тадқиқот муаллифлари Европа Иттифоқида миграция ноль даражада бўлганда ҳам, Европанинг умумий аҳолиси таркибида мусулмонларнинг улуши 2050 йилгача ошади, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Экспертлар миграция даражаси билан боғлиқ ҳолда учта сценарийни тайёрлаган. Унга кўра, миграция ноль даражада бўлганда мусулмонларнинг улуши ҳозирги 4,9 фоиздан 7,4 фоизга ўсади. Миграция даражаси ўртача бўлганда эса бу кўрсаткич 11,2 фоизни, юқори даражада эса 14 фоизни ташкил қилади. Муаллифлар ўртача ёки бироз юқори даражани ҳақиқатга яқин, деб ҳисобламоқда.
Тадқиқотда Европа Иттифоқи таркибига кирувчи 28 та мамлакат, шунингдек, Швейцария ва Норвегия ҳам ҳисобга олинган.
Мамлакатлар ўртасида мусулмонлар улуши кўпроқ бўлганлар Болгария (11,1 %), Франция (8,8 %), Швеция (8,1 %), Буюк Британия (6,3 %) ва Германия (6,1 %) ҳисобланади.
Европада 2016 йилда жами 25,8 миллион мусулмон бўлган, шу жумладан, Францияда 5,7 миллион ва Германияда беш миллион. Учинчи сценарийга асосан, Швецияда мусулмонлар сони 30,6 фоизгача (4,5 миллион), Германияда 19,7 фоизгача (17,5 миллион), Францияда 18 фоизгача (13,2 миллион), Буюк Британияда эса 17,2 фоизгача (13,5 миллион) ўсади. Мусулмонларнинг Европадаги умумий сони 75,6 миллион кишига етади.
Изоҳ (0)