Ўзбекистон Преизденти Жанубий Корея пойтахти мэриясига ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёевни Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун кутиб олди, деб хабар берди ЎзА.
Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмонлар китобига ўзининг тилакларини ёзиб қолдирди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Жанубий Кореяни дўстлик ришталари, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкам боғлаб тургани алоҳида таъкидланди.
Жорий йилнинг 3 июль куни Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун Тошкентда Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган эди.
Бугунги учрашувда замонавий технологиялар асосида шаҳарни бошқариш, транспорт тизими ва уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизимни ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарсозлик, архитектура ва ландшафт дизайни соҳаларида ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Сеул шаҳрининг фахрий фуқароси унвонини беришга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққанлар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик муносабатлари янада мустаҳкамланишида Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Ўзбекистон раҳбари икки халқ ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида Тошкент шаҳрида Сеул кўчасини ташкил қилиш таклифини билдирди.
Изоҳ (0)