Россия Олий суди мухолифатчи Алексей Навальнийнинг бизнесмен Алишер Усмоновни шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарорига қарши илгари сурган кассацион шикоятини кўриб чиқишдан бош тортди, деб хабар берди «Интерфакс».
«Шикоятни суд мажлисида кўриб чиқиш талаби рад этилди», — дея маълум қилади суд.
31 май куни Москванинг Люблин суди Усмоновнинг Навальний ва Коррупцияга қарши курашиш жамғармасига (КҚКЖ) нисбатан даъвосини тўлиқ қондирди ҳамда уларга Усмоновни шарманда қилишга қаратилган маълумотларни олиб ташлаш мажбуриятини қўйди. Шунингдек, улар суд қарори қабул қилинганидан кейин 10 кун ичида раддия эълон қилишлари, раддия мухолифатчи ва КҚКЖнинг сайтларига уч ой ичида жойлаштирилиши керак.
Кейинроқ, Москва шаҳар суди туман судининг қарорига ўзгартириш киритди ва Навальний ҳамда КҚКЖга тўлиқ видеороликни эмас, балки ушбу тергов-фильмнинг парчаларини ўчириш мажбуриятини қўйди. Биринчи инстанция суди қарорининг қолган қисмига ўзгартириш киритилмаган.
Изоҳ (0)