БААнинг Саадият оролида 11 ноябрь куни Абу-Даби Луври очилди. Бадиий санъат музейи расман дунёдаги энг машҳур музейлардан бирининг номини олди. Бу номдан 30 йил давомида фойдаланиш ҳуқуқи учун Абу-Даби Францияга 525 миллион доллар тўлаган. 300 та санъат асарининг ижараси эса 750 миллион долларга тушган. Ижарага олинган асарлар ичида Леонардо да Винчи, Ван Гог ва Пикассонинг асарлари ҳам бор. TJournal мазкур музейнинг суратларини тақдим этди.
Бинонинг гумбази бир-бирига бириккан ва қуёш нурини ўтказувчи саккиз мингта металл юлдуздан тайёрланган. Гумбазнинг шакли минтақанинг меъморий анъаналарини эслатиб туради. Деворларни қуришда ишлатилган оқ кублар араб қишлоқларини тимсоллантириб туради ва Мадина шаҳрига ўхшатиш саналади.
Бино маданий марказнинг бир қисми сифатида лойиҳалаштирилган. Марказда кейинчалик Соломон Гуггенхайм музейининг филиали ва Шайх Заид миллий тарих музейи жойлашади. Музей архитектори Жан Нувел ҳисобланади, лойиҳалаш ва қурилиш учун умумий ҳисобда 10 йил кетган. Абу-Даби Луврида 26 та алоҳида галерея билан бирга, 270 ўринли мажлислар зали, ресторан, дўкон ва кафе бор.
Жорий йилнинг 21 декабрида «Бир Луврдан иккинчисига: музейнинг барча учун очилиши» номли биринчи кўргазма ўз ишини бошлайди.
Изоҳ (0)