Россия президенти Владимир Путин оддий фуқаролар ҳақида қайғурмайди, одамлар қандай яшашини билмайди, ва оддий одамлар ҳақида унутиб қўйган. Россияликларнинг 15 фоизи ана шундай фикрда эканлиги маълум бўлди, деб ёзади «РБК» «Левада марказ» томонидан ўтказилган сўров натижаларига таяниб.
Сўров маълумотларига кўра, бу президентнинг энг асосий салбий жиҳатидир. Россия етакчисининг иккинчи камчилиги шундаки, у вазирларга нисбатан ўта мулойим ҳамда ўз атрофидагилари иродасига бўйсунади. Сўров иштирокчиларининг 10 фоизи шундай фикр билдирди. Уларнинг яна 7 фоизи Путинни коррупция билан етарлича шафқатсиз тарзда курашмаётганликда ва «ўз атрофида ўғриларни кучайтирганликда» айбламоқда.
Россияликларнинг 6 фоизи Путин кўп гапириб, кам иш қилади, шунингдек, «ваъдаларини бажармайди, ҳазил билан қутулади ва алдайди» деган фикрда. 33 фоиз россияликлар эса президентнинг қандайдир камчилигини эслашга қийналди.
Путиннинг ижобий жиҳатларига келганда, россияликлар унинг қатъиятлилиги ва мардлигини (19%), у олиб бораётган, мамлакатни Ғарбдан ҳимоя қиладиган ташқи сиёсатни (18%), президентнинг сиёсатдаги тажрибасини (16%), ақли, ўқимишлилиги, маданиятини (15%) ажратиб кўрсатди. Жами 4 фоиз россияликлар президентни ватанпарварлиги учун, 3 фоизи мантиқийлиги учун, 2 фоизи эса — Қримни қайтарганлиги учун қадрлайди.
Изоҳ (0)