Тошкентда қўшмачилик билан шуғулланувчи аёл Қозоғистонга ўтишга ҳаракат қилган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
«29 октябрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан 1986 йилда туғилган фуқаро Ҳамрабаева Дилдора Исроиловна бир неча нафар аёлларни фоҳишалик билан шуғулланиш учун Туркияга юбормоқчи бўлганлиги аниқланиб, жиноятчини қўлга олиш борасида тезкор тадбир ўтказилиши режалаштирилди», — дейилади хабарномада.
Шу куни соат 17:00 ларда ўтказилган тезкор тадбир давомида Ҳамрабаева Тошкент туманида жойлашган «Қоплонбек» ЙПХ масканида фуқаролар У.О. Мўминова, Н.К. Мансурова, Л.И. Турсунова ва Р.А. Иброҳимоваларни фоҳиша сифатида ишлатиш мақсадида Қозоғистон орқали Истанбулга юбормоқчи бўлган вақтида қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми «б», «е» бандлари (одам савдоси, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, икки ёки ундан ортиқ шахсларни улардан фойдаланиш мақсадида ёллаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилди.
Жиноятнинг оғирлилик даражасини инобатга олган ҳолда, Д.И. Ҳамрабаевага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланмоқда.
Изоҳ (0)