Фарғона вилоятининг шу номли туманидаги асаларичилик ишлаб чиқариш ўқув марказида асаларичиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Сирдарё вилоятларидан мутахассислар қатнашди, деб хабар беради ЎзА.
Семинарда асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, асалари пакетлари етиштириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, асал етиштириш жараёнига илмий асосланган усуллар ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги тажрибалар ҳақида сўз юритилди.
«Вилоятимизда йил давомида 10 миллиард сўмлик асалари маҳсулоти ишлаб чиқарилади, — деди Фарғона вилояти асаларичилари уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. — Асалариларнинг экинзорларни чанглатиши эвазига эса қишлоқ хўжалигида қўшимча даромадга эришилмоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорда асаларичи тадбиркорлар учун ўқув машғулотлари ташкил этиш ҳам белгиланган. Асал етиштириш ва уни экспорт қилишда дунёнинг етакчи давлатларидан бири саналган Туркия тажрибаси ҳамкасбларимизнинг келажакдаги ютуқларига йўл очади».
Иштирокчилар семинарда ишлаб чиқариш ўқув марказида яратилган шароитлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, асал етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар билан танишди.
Изоҳ (0)