26 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги давлат ташкилотлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Жиззах шаҳрининг марказида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов номига бағишланган майдонни кўздан кечирди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Майдон 6 ноябрь куни очилиши режалаштирилган.
«Майдон кўркамлиги ва дид билан ҳар томонлама лойиҳаси пухта ишаланганлиги барчани эътиборини тортди. Унда қурилаётган бинолар атрофида Жиззах шаҳрининг катта-ю кичиги меҳнат қилмоқда. Майдон марказида Шароф Рашидов ҳайкали қад ростламоқда, унинг орқасида тўрт юлдузли ҳашаматли ‘Ўзбекистон’ меҳмонхонаси, ‘Бўстон’ ресторани, ён қисмида кутубхона ва ахборот-ресурс маркази жойлашмоқда, ‘Хўжа Нуриддин’ мадрасаси олдида халқ шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг ҳайкали ўрнатилмоқда, унинг орқа қисмида жойлашган Шароф Рашидов музейининг таъмирлаш ишлари якунига етмоқда», — дейилади хабарномада.
Таъкидланишича, ҳукумат раҳбари «Хўжа Нуриддин» мадрасасини ички таъмирланишида қатор таклиф ва топшириқлар берди.
Шароф Рашидов музейининг экспонатлар жойлашадиган залида Маданият вазири Б. Сайфуллаев ва унинг ўринбосари К. Акилова ҳукумат ишчи гуруҳига музей ашёларини қай тарзда жойланиши юзасидан ахборот берди. Шунингдек, гуруҳ таъмирлаш ишлари якунига етаётган Жиззах вилояти мусиқали драма театрига ҳам ташриф буюрди.
Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни Абдулла Ариповга ҳамроҳлик қилган Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов 30 октябрь куни 2017 йилги пахта мавсумида вилоятда ҳосил қўшиб ёзишга йўл қўйилгани туфайли ишдан олинди.