Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3025-сонли қарори ижроси доирасида «Мевали Плантс» компанияси «Чандлер Ёнғоқ Боғлари» тижорат брендини ташкил этди ҳамда Чандлер навли ёнғоқ кўчатларини Ўзбекистон ҳудудида етиштиришни йўлга қўйди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу соҳада Марказий Осиёнинг илк лойиҳаларидан бири ҳисобланган компания маҳаллий боғдорчилик ширкатларига замонавий технологиялар асосида етиштирилган ёнғоқ, бодом, гилос, шафтоли, олхўри, ўрик, нок, беҳи ва анор каби турли хил мевали кўчатларни етказиб беради.
Ҳозирда компания плантацияларида етиштирилаётган кўчатларнинг қўшни мамлакатларга экспорт қилиниши борасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, боғдорчилик ширкатларининг ёнғоқчилик соҳасидаги билимини ошириш мақсадида шу йилнинг 5—10 август кунлари Туркияга агротур ташкил этди. Мазкур агротур давомида бир гуруҳ ўзбекистонлик тадбиркорлар Туркияда етиштирилган саккиз, уч ва икки ёшдаги ёнғоқ боғлари ҳамда кўчатзорлари билан яқиндан танишди.
Изоҳ (0)