InsiderPro нашри «ходимлар учун» кошоналар қандай қилиб корпоратив маданият ва жамоа руҳини шакллантиришга ёрдам бериши ва бу қанчалик самарадор эканлиги ҳақида ҳикоя қилади.
Мэй Холланд илк бор Apple кампусидаги янги иш жойига келганда «Ахир бу жаннат-ку!» деган фикрга келди. Ён-атроф майсазор, спортзал бор, кафе, кўнгилочар машғулотлар —Мэйнинг боши айланиб кетди. Аввалги офиси кул ранг тўсиқлари билан таққослаганда бу ҳақиқий идиллия эди.
Дейв Эггерснинг «Сфера» асаридаги Мэйнинг иш ўрни Apple янги кампусига жуда ўхшаш тасвирланган. У ҳам «учар ликопча» кўринишида қурилган.
Шаҳар ташқарисидаги кампус
Осуда боғ ва майсазорлар билан ўралган Американинг биринчи корпоратив кампуслари олимлар ва муҳандислар учун мўлжалланган эди.
1942 йилда AT&T телефон компанияси Нью-Жерсида юқоридаги каби биринчи кампус Bell Labs’ни барпо этган эди. 50 йилларда ундан General Motors, General Electric ва General Life Insurance ўрнак олди. Ўшанда бу штаб-квартиралар турлича — саноат парки, тадқиқот парки ёки технологик парк деб номланган — бу бир вақтнинг ўзида фан ва саноатнинг табиат билан боғлиқлигига урғу берарди.
Урушдан кейинги Америка шаҳарларини хавфли, ифлос, аҳоли зич ва ирқий муаммолар билан тасвирлаш қабул қилинган эди. Фақат машинада етиб бориш мумкин бўлган шаҳар ташқарисидаги кампуслар биринчи қалдирғоч бўлди — оқ аҳоли шаҳар ташқарисига қочарди.
Кампусларнинг жозибадорлиги
Кампус нафақат иш жойи, балки рамзий, маданий ва ижтимоий аҳамиятга ҳам эга эди. Комплекслар суратларда яхши кўринар, бу истиқболли мижозлар ва янги ходимлар орасида қўшимча реклама вазифасини ўтар эди.
Кампус, шунингдек, дам олиш ва биргаликда вақт ўтказиш ҳудудининг мавжуд эканлиги туфайли уюшганлик ҳиссини берар эди. Улар тугалланган муҳит ғоясини илгари сурар эди — бу ерда иш ўрнидан ташқари дам олиш марказлари, кафе, дўконлар ва барча зарур хизматлар мавжуд эди. Ходимлар учун пухта ўйлаб чиқилган «уй» «оила» ҳиссини яратар эди.
XXI аср кампуси
1990 йилларга келиб уйдан туриб ишлаш имкони юзага келди, бундан ташқари, аутсорсинг (ташқи манба ёки ресурсдан фойдаланиш) ва ишлаб чиқаришни бошқа мамлакатларга кўчириш ривожланди ва кампусга бўлган зарурат аниқ-равшан бўлмай қолди. Рақамли инқилоб ва иқтисодий мавҳумлик шарт-шароитларида улкан комплексга эга бўлиш жуда масъулиятли бўлиб қолди.
Сиёсий ландшафтнинг ўзгариши яна бир муаммога айланди. Масалан, 2014 йилда 1 миллиард фунтга (1,34 миллиард доллар) яқин харажатларга қарамасдан, RBS bank ва Lloyds Англияга кўчишга қарор қилди. Бунга Шотландиянинг мустақиллик ҳақидаги референдуми билан боғлиқ таҳдидларни назорат қилиш истаги сабаб бўлди.
Бундан ташқари, ташкилотнинг марказлашганлиги унинг табиий офатлар ва терроризмга қарши ҳимоясини заифлаштиради. Ушбу хавф-хатарларни ҳисобга олганда, Apple’нинг 5 миллиард долларга кампус қуриш ҳақидаги қарорини қандай тушунтириш мумкин?
Спорт заллари, текин кафетериялари, тиббиёт ва уйгача олиб бориш хизматлари, ўзгарувчан иш соатлари ва костюм ўрнига кундалик кийим жорий этилган XXI аср Кремний водийси идеал иш жойини ифодалайди. Ҳақиқатан ҳам, тадқиқотлар корпоратив кампуснинг мавжудлиги ходимларни жалб этиш ва ушлаб туришнинг асосий омили эканлигини кўрсатади.
Кампус маданияти иш — қувноқ жараён, ходимлар учун саройлар қуриладиган технологик утопиядамиз деб ўйлашга ёрдам беради, аслида эса гап ҳамон монитор олдидаги узоқ соатлар ҳақида кетмоқда.
Бундан ташқари, кампус — атроф-муҳит билан жуда чекланган боғланишдаги эксклюзив утопия. Масалан, Google кампусига ходимларни ташувчи хусусий автобуслар ижтимоий кескинликнинг доимий манбасидир.
Қачонлардир оқ аҳолининг қочиши шаҳар ташқарисида кам қаватли кампусни юзага келтирган бўлса, энди шаҳар типидаги, вертикал кампуслар вужудга келмоқда. Масалан, Хитойнинг Tencent интернет-провайдери кампуси ердан 250 метр баландликка кўтарилади — бунга ҳайратланмаса ҳам бўлади, ахир шаҳарларда ер кам.
Кампусларни нафақат хайтек-компаниялар барпо этмоқда — Qantas каби авиакомпания ва ANZ каби молиявий ташкилотни мисол келтириш мумкин. Швейцариянинг Novartis фармасевтик компанияси кампуси эса машҳур архитекторлар муаллифлик иши бўлиб, унинг қурилиши 2030 йилгача давом этади.
Испаниянинг Telefonica кампусида 14 минг ходим ишлайди — бу 90 фоиз Австралия шаҳарлари аҳолисидан кўп.
Бироқ корпоратив кампуслар — бу шунчаки катта офислар эмас, уларнинг охирги ярим асрдаги оммабоплиги бу формат биз билан узоқ қолишидан дарак беради. Ахир марказлашган кампус компанияларга ўз маданияти, бренди ва мақсадини ҳақиқий ҳаётга жорий этиш имконини беради.
Ходимлар учун бу шунчаки иш жойи эмас, балки узоқроқ қолиш — ўйнаш, овқатланиш ва мулоқот қилишни истовчи жойдир.
Изоҳ (0)