Greenpeace ташкилотининг тахминан 15 нафар фаоли Франциянинг Метз шаҳридан 40 километр шимолда жойлашган «Каттеном» атом электростанцияси ҳудудига бостириб кирган. Бу ҳақда Le Parisien хабар бермоқда.
Ҳодиса 12 октябрь куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 05:30 да юз берган. Акция иштирокчилари атом объектларининг яхши ҳимояланмаганлигини кўрсатиш мақсадида қайта ишланган ядро ёқилғиси сақланувчи объект олдида мушакбозлик уюштирган.
Ҳодиса жойига тезда махсус полиция бўлими етиб келган. АЭС ҳудудига ва иншоотларига кириш ҳатто станция ходимларига ҳам тақиқлаб қўйилган. Акция иштирокчиларининг саккиз нафари қўлга олинган ва полиция бўлимига олиб борилган.
Франциянинг энергия ишлаб чиқарувчи энг йирик компанияси ва дунёдаги энг йирик атом электростанциялар оператори бўлган EDF компаниясининг ахборотига кўра, Greenpeace томонидан қилинган хатти-ҳаракат объект хавфсизлигига таҳдид қилмаган.
Фаоллар фақат биринчи тўсиқ деворидан ўтишга муваффақ бўлган. Фалокат сигнали берилганидан кейин саккиз дақиқа ичида улар қўлга олинган. Шунингдек, EDF ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза берган.
Изоҳ (0)