«Менинг юртим» телеканали Тошкент вилояти Ангрен шаҳрининг бир қисми — 13 минг аҳоли истиқомат қилувчи Красногорск шаҳарчасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати қониқарли эмаслигига эътиборни қаратди. Телеканалнинг бу ҳақдаги лавҳаси YouTube’да эълон қилинган.
Шаҳарчанинг «Мададкор» ширкат хўжалигига қарашли кўп қаватли турар жой биноларида 10 йилдан бери иссиқлик таъминоти йўқ, иссиқ сув эса берилмайди. Телеканалга интервью берган аҳоли вакиллари, иссиқ сув берилмаса ҳам, жамоат хаммоми ташкил этишни сўраган.
«Иссиқ сув, иссиқлик таъминоти масалаларига келсак, иссиқлик таъминотига Тошкент вилоят «Иссиқлик манбаи» корхонаси масъул бўлиб, улар қозонхоналарни бузиб ташлади. Биз бу масала бўйича бир неча бор мурожаатлар қилдик, лекин ҳеч қанақа ишлар олиб борилмаяпти», — деди Красногорск ҳокими Жавлон Саримбоев.
Қайд этишларича, Тошкентдан 50 километр масофада жойлашган бу шаҳарчада тўртта мактабгача таълим муассасаси бўлиб, уларнинг ҳеч бирида иссиқлик таъминоти йўқ. Боғчаларнинг хоналари кондиционерлар ёрдамида иситилади.
Изоҳ (0)