Сурияда фаолият юритаётган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ИШИДга қарши кураш миссияси қолиб, бошқа ишларни бажармоқда, шу боис расмий Дамашқ унинг тарқатиб юборилишига эришмоқчи. Бу ҳақда Сурия ташқи ишлар вазири Валид Муаллем россиялик ҳамкасби Сергей Лебедев билан музокаралар чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради «Интерфакс».
«Мисол тариқасида АҚШ бошчилигидаги коалицияни келтирмоқчиман. У ИШИДдан бошқа ҳамма нарсани йўқ қилмоқда. Америкаликлар берган авиазарбалар оқибатида Ракка ва Дайр аз-Заврда минглаб тинч фуқаро, нафақат эркаклар, балки аёллар, болалар ҳалок бўлди. АҚШ коалицияси иқтисодий инфраструктурани йўқ қилмоқда. Шу боис коалициянинг тарқатиб юборилишини энг қатъий оҳангда талаб қиламиз», — деди Муаллем.
Унинг фикрича, АҚШ коалиция ҳаракатларини ниқоб қилиб, Суриядаги урушни максимал даражада чўзиб юбормоқчи.
«Курдлар амалда нефть бор туманлар учун Сурия армияси билан рақобат қилмоқда. Улар Сурия ҳеч қачон ўз суверенитетини бузишга йўл қўймаслигини яхши билади. Улар ҳозир, шубҳасиз, АҚШ ёрдамидан маст, лекин бу ёрдам абадий давом этмаслигини тушуниш керак», — қўшимча қилди дипломат.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)