Леонардо да Винчи мўйқаламига мансуб «Дунё халоскори» картинаси Christie’s аукцион уйининг Нью-Йоркда 15 ноябрда бўлиб ўтадиган савдоларига қўйилди. Бу ҳақда аукцион уйи вакили маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Сурат, тахминан, 100 миллион доллар баҳоланмоқда. Олдинроқ у Англия қироли Карл I коллекциясида бўлган. 44,7 га 64,5 сантиметр ўлчамдаги асар ‘Урушдан кейинги ва замонавий санъат’ аукционида махсус лот сифатида қўйилади», — деди вакил.
«Дунё халоскори» Франция қироллик уйи учун чизилгани ва Карл I француз маликаси Генриетта Марияга уйланганидан сўнг 1625 йилда Англияга келтирилгани тахмин қилинади. 1763 йилдан унинг излари йўқолади, 1900 йилда эса кучли шикаст етган ҳолда хусусий коллекция учун харид қилинади.
2007 йилда картина Нью-Йорк университетининг Нафис санъат институтида қунт билан таъмирланганди.
Изоҳ (0)