«Ўзбеккино» миллий агентлигида мустақил киноижодкорлар ва хусусий киностудиялар Гильдиясини ташкил этиш ташаббуси муносабати билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда учрашувда қатнашган журналист Феруз Муҳаммад «Дарё»га маълум қилди.
Режиссёр ва продюсерлар, актёр-актрисалар, хусусий киностудиялар раҳбарлари қатнашган йиғилиш жуда ҳам баҳсли, мунозарали саволлар билан, қизғин таклифлар билан ўтди.
Даставвал Гильдияни ташкил этиш ташаббускорлари номидан режиссёр ва сценарист Жаҳонгир Аҳмедов Гильдия Низоми лойиҳаси, унинг Кенгаши аъзолигига номзодлар билан йиғилганларни таништириб қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
Мустақил киноижодкорлар ва хусусий киностудиялар гильдиясининг асосий мақсадларидан бири бу киноижодкорларнинг катта авлоди ва ёшлар орасидаги масофани яқинлаштиришдир. Тан олиш керак, бу масофа ҳозирги кунда жуда узоқ, жуда ҳам узоқ... Устозлар ёшларни тан олишмайди, ёшлар эса қандайдир аламзада, жиззаки. Бунинг натижасида фақат ўзбек киноси ютқазмоқда. Ёш киноижодкорлардаги шижоатга устозларимизни тажрибаларини қўшиш пайти келди. Шундагина халқимиз кутаётган фильмлар яратилади.Жаҳонгир Аҳмедов, режиссёр, сценарист
Мустақил киноижодкорлар ва хусусий киностудиялар Гильдияси хусусий кино студияларни бирлаштирган ҳолда, уларга ҳам маънавий, ҳам амалий ва ҳуқуқий ёрдам бера оладиган муассаса бўлиши алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда режиссёр Баҳром Ёқубов, актёрлар Улуғбек Қодиров, Муҳаммад Али Искандаров, Азиз Раметов, Наримон Султонхўжаев, Азамат Ахроровлар фикр билдириб ўтишди.
Бундан ташқари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Саида Раметованинг фикр ва мулоҳазалари йиғилиш қатнашчиларининг давомли қарсакларига сазовор бўлди.
Йиғилиш якунида йиғилганлар кўпчилик овоз билан Гильдия ташкил этилишига розилик билдирдилар. Навбатдаги мажлисларда эса ушбу ташкилотнинг тузилмаси, фаолият йўналиши, ҳуқуқ ва ваколатларини муҳокама қилишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)