28 сентябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан «Таълим ва тарбия уйғунлиги – баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» хабар бермоқда.
Матбуот анжуманида таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди. Хусусан, устоз ва мураббийларни ҳар томонлама рағбатлантириш, улар меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш, тизимда таълим мазмунининг сифат ва самарадорлигини кўтариш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Тадбирда қайд этилганидек, таълим муассасаларининг тегишли фанлар бўйича олий маълумотли педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2017—2018-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилди. Махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил педагогик амалий иш стажига эга бўлганлар қабул қилинмоқда.
Тадбирда халқ таълими тизимида давлат мукофотлари билан тақдирланган тўрт мингдан зиёд устоз ва мураббий фаолият юритиши қайд этилди. Шулардан етти нафари Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлган.
Изоҳ (0)