Ўзбекистонда 2020 йил 1 июнгача юридик ва жисмоний шахсларга тегишли ҳайвонларнинг ягона идентификация тизими жорий қилинади, деб ёзади «Газета.uz» ҳукумат қарорига таяниб.
Қарор орқали тасдиқланган ҳайвонларни идентификациялаш, рўйхатга олиш ва боқиш ҳақидаги низомга мувофиқ, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари шаҳарларда боқиш учун ҳайвонларнинг рухсат берилган сонини белгилаши керак. Жисмоний ва юридик шахсларнинг идентификация қилинмаган ҳайвонларни боқиши тақиқланади.
Маълумотлар ягона ахборот тизимига туман ва шаҳар ветеринария бўлимлари томонидан киритилади. Ҳайвонларга индивидуал рақам берилади, у йирик ва майда шохли қорамол, туя ва чўчқаларга ёрлиқлар, от ва эшакларга — тамғалар, ит ва мушукларга — жетонлар орқали берилади.
Ҳужжатда шунингдек, барча турдаги ҳайвонларни чипларни киритиш орқали электрон идентификациялаш имконияти кўзда тутилган. Идентификациялаш жараёни пулли бўлади.
Маълумотлар базаси ҳайвоннинг рақами, тури, жинси, лақаби, туғилган жойи ва санаси, эгасининг исм-шарифи, юридик шахснинг номи ва манзили, яшаш жойи, ветеринария паспорти ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади, ҳайвоннинг сурати ҳам қўшилиши мумкин.
Изоҳ (0)