КХДРда халқаро санкциялар режимининг кучайтирилиши оқибатида бензин нархи сўнгги ойларда уч бараварга қимматлашди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги маълумотларига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Биздаги маълумотларга кўра, КХДРда нефть нархи ўсмоқда. Бензин нархи йил бошидаги ҳолат билан солиштирилганда, уч бараварга қимматлашди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, КХДРда бир литр бензиннинг нархи 5,1 долларни ташкил этмоқда. Мамлакатда гуруч ва хорижий валюта нархи ўзгармаган.
Айни вақтда КХДРга нисбатан амалда бўлган энг қатъий санкция режими қурол-аслаҳалар ва авиа ёқилғини мамлакат ҳудудига олиб кириш ҳамда КХДРдан кўмир, темир рудаси, пўлат, денгиз маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларнинг харид қилинишининг тақиқланиши ҳисобланади.
12 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши КХДРнинг олтинчи марта ядро қуролини синовдан ўтказганига жавобан мамлакатга нисбатан санкцияларни кенгайтириш тўғрисида резолюция қабул қилди.
Изоҳ (0)