Бағдод Ироқ Курдистони билан вилоятнинг мустақиллиги учун бўлиб ўтган референдум натижаларини муҳокама қилмайди. Бу ҳақда Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий 26 сентябрь, сешанба куни ўзининг телемурожаатида маълум қилди, деб хабар берди «ТАСС».
«Биз конституцияга зид равишда ўтказилган референдум натижларини муҳокама қилишга тайёр эмасмиз», — дея Ироқ ҳукумати раҳбарининг сўзларидан Al Arabiya телеканали парча келтирди. Ал-Ободийнинг таъкидлашича, Бағдод Ироқнинг барча аҳолисини, жумладан, рефенрендум ўтказилган мамлакатнинг шимоли ва шимоли-шарқидаги фуқароларни ҳам зўравонликлардан ҳимоя қилишга қодир. Бош вазирнинг қайд этишича, овоз бериш жараёнларида «сохталаштириш, манипуляция ва фуқароларга таҳдидлар» рўй берган.
Эслатиб ўтамиз, Ироқ Курдистонидаги референдум иштирокчиларининг 93 фоиздан ортиғи ҳудуд мустақиллигини ёқлаб овоз берди. 282 мингта овозлар ҳисоблаб чиқилгач, шундай натижа намоён бўлди.
Комиссия раисининг маълум қилишича, мустақилликка қарши сайловчиларнинг 6,71 фоизи овоз берган. У натижалар ўзгариши мумкинлигини, чунки ҳисоблаш жараёни давом этаётганини айтди. Расмий натижалар 28 сентябрь, пайшанба куни эълон қилинади.
Изоҳ (0)