Каталония етакчиси Карлес Пучдемон Франциянинг Frans Inter радиостанцияси эфирида 1 октябрга мўлжалланган минтақа мустақиллиги бўйича референдум ўтказилишига шубҳа қилмаслигини билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Пучдемон Мадрид ман этишига қарамай референдум ўтказилиши туфайли зиддиятлар юзага келиши, ҳатто мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетиши мумкинлигидан чўчимаслигини маълум қилди.
«Охирги 6 йил мобайнида миллиондан ортиқ одам иштирок этган улкан намойишлар бўлиб ўтди, бироқ ҳеч қандай салбий ҳолатлар кузатилмади», — деди Каталония раҳбари.
Испания фуқаролик гвардияси 20 сентябрь куни Каталонияда ўтказган махсус операция давомида 14 киши қўлга олинди, 41 та тинтув ўтказилди, референдумда овоз бериш учун тайёрлаб қўйилган салкам 10 миллион бюллетен мусодара этилди.
«Гарчи бу Испания конституцияси доирасидан четга чиқиш бўлса ҳам, давлат томонидан шундай муносабат эҳтимолини кўзда тутгандик. Расмийлар худди фавқулодда ҳолат жорий этилган ва Каталония автономияси тўхтатиб қўйилганидек ҳаракат қилди. Овоз бериш учун жойлар ва фикр билдириш учун бюллетенлар, энг асосийси, овоз берувчиларнинг ўзи бўлишини тасдиқлайман», — таъкидлади Пучдемон.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Испания бош прокурори Хосе Мануэль Маса Каталония раҳбари Карлес Пучдемоннинг ҳибсга олиниши эҳтимолини истисно этмаганди.
Изоҳ (0)