АҚШнинг Forbes журнали сайтида журналист Кеннет Рапозанинг Ўзбекистонга бағишланган мақоласи эълон қилинди. Унда мамлакат «Евроосиёдаги янги иқтисодий кўтарилиш» деб аталган, дея хабар беради «Газета.uz».
«Бугун Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни дунё учун янада очиқ бўлишига қаратилган ҳаракатларга қўл урмоқда. Мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, хорижий капитални жалб этиш учун мамлакат раҳбарияти иқтисодий соҳа ва ҳуқуқий тизимни модернизация қилишга интилмоқда.
Бу уринишлар минтақанинг йирик давлати иқтисодиётини узил-кесил ислоҳ қилиши ва қўшнилари билан алоқаларни ҳамкорликнинг янги босқичига олиб чиқишига умид туғдирмоқда», — дея ёзади муаллиф.
Мақолада айрим эксперт ва таҳлилчиларнинг Ўзбекистон ва унинг етакчиси ҳақидаги фикр-мулоҳазалари келтирилган.
Жумладан, Марказий Осиё ва Кавказ институти қошидаги Ипак йўли дастури директори Сванте Корнелл Президент Шавкат Мирзиёев қай тарзда ташқи сиёсатни амалга ошираётганидан ҳайратга тушганини билдирса, Eurasia Group таҳлилчиси Захари Витлин Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан муносабатларини бунчалик тез тиклашини кўпчилик кутмагани, бошқа соҳалардаги ўзгаришларга ҳам умид боғланаётганини таъкидлади.
Журналист Шавкат Мирзиёевни Хитойнинг собиқ раиси Дэн Сяопинга таққослайди. У мамлакат иқтисодий тизимида улкан ислоҳотларни амалга оширган, шу туфайли Хитой иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатга айланганди.
Изоҳ (0)