Ўзбекистон Мьянмада юз бераётган воқеалар, айниқса рохинжа мусулмонларига нисбатан зўравонлик ишлатилаётгани ҳақидаги фактлар муносабати билан хавотирда. Бу ҳақда мамлакат ТИВ баёнотида айтилди, деб хабар беради «Газета.uz».
«Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси ва БМТ йўриқномасига, шунингдек, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти йўриқномаси вазифаларига асосланиб, Ўзбекистон ҳар қандай зўравонлик шаклларини қоралайди ва ҳар бир инсон ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий, тоифавий ва бошқа аҳволидан қатъий назар барча ҳуқуқ ва эркинликлар билан шубҳасиз таъминланишини ёқлаб чиқади», — дейилади баёнотда.
«Шу муносабат билан биз Мьянма раҳбариятини айбсиз мусулмонларга қарши зўравонликни тўхтатиш учун чоралар кўришга, муаммони фақат тинч воситалар билан ҳал этишга чақириб қоламиз», — дейилади ҳужжатда.
ТИВ, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Мьянма қочқинлари эҳтиёжларини қондириш учун гуманитар ёрдам йўллаш қарорини қабул қилганини билдириб ўтди.
Мьянмада давом этаётган рохинжа мусулмонларига қарши қатлиом бир муддат илгари БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раъд ал-Ҳусайн томонидан танқид остига олинди, у мамлакат куч тузилмалари ўтказаётган операция «этник тозалаш» деб атади.
Изоҳ (0)