5 сентябрдан бошлаб меҳмонхоналар хорижлик фуқароларга ва фуқаролиги йўқ шахсларга, жумладан, туристик фаолият кўрсатувчи субъектларга кўрсатган хизматлари учун тўловларни миллий валютада қабул қилади. Тўлов халқаро пластик карталар орқали амалга оширилган вазиятларда истисто қилинади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига асосланиб, «Газета.uz» хабар берди.
Меҳмонхоналар электрон табло-калькуляторлардан фақат халқаро пластик карталар орқали тўлов қилмоқчи бўлган хорижий фуқароларга сўмнинг ўша пайтдаги айирбошлаш курсидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаш учун маълумот олиш мақсадида фойдаланиши мумкин бўлади.
Туристик тўлов айни вақтда меҳмонхона мижозлари томонидан миллий валютада 1 АҚШ доллари учун 8100 сўм миқдорида тўланади. Тўловнинг янги миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 15 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига ўзгартириш киритилганидан сўнг маълум қилинади.
Туризмни ривожлантириш қўмитаси туристик фаолиятнинг барча субъектларига республика фуқаролари учун товарлар ва хизматлар учун нархлар ҳамда тарифларни асоссиз оширмаслик ва жорий нархни миллий валютада сақлаб туришни тавсия қилди. Агар у долларнинг сўмга нисбатан курси бўйича белгиланган бўлса, тегишли Фармонни имзолаш вақтида амалда бўлган сўмнинг долларга нисбатан курсига кўра ҳисоблаб чиқилган миқдордан ошиб кетмаслиги керак (4210,35 сўм).
Изоҳ (0)