Дунёдаги энг катта ўт ўчирувчи Evergreen 747 Supertanker самолёти Evergreen International Aviation ва Boeing компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган. Асос сифатида дастлаб икки палубали кенг фюзеляжли Boeing 747−200 йўловчи самолёти олинган, кейин эса — Boeing 747−100. Ўт ўчириш учун ўзгартирилган модель 74200 литр сувни соатига 970 километр тезликда 6400 километргача олиб бора олади. Ана шу кўрсаткичлари туфайли Evergreen 747 Supertanker дунёдаги энг катта ва кучли ўт ўчирувчи самолёт ҳисобланади.
Бироқ самолёт кўпинча ишсиз туради. У 1971 йилда Испаниядаги ёнғинни бартараф этган, 2010 йилда Исроилда, 2017 йилда Чилида ёнғинни ўчирган. Самолёт АҚШ томонидан биринчи марта 2009 йилда қўлланилган. АҚШ федерал ўрмон бошқармаси молиявий нуқтаи назардан ундан фойдаланиш учун расмий рухсат беришга шошилмайди. Самолётни бир кун ишлатиш 120 минг доллар туради, мансабдорлар эса бундай харажатни мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди.
Жорий йилнинг ёзида АҚШни кучли ёнғинлар қуршаб олди. Уларни ўчиришда ишлатилаётган одатий воситалар ўз самарасини бермаяпти. Энди эса олов билан курашиш учун Evergreen 747 Supertanker жўнатилди, деб хабар бермоқда National Geographic.
Самолётга ёқилғи қуйиш учун 30 дақиқа кетади. Ёнғин жойига етиб боргач, самолёт сув ёки ёнғиндан ҳимояловчи воситаларни ўзига хос усулда тарқатади: сув бирданига ташланмайди, балки бир хил маромда сепилади. Бу объектларни зарарланишдан ва одамларни эса жароҳатланишдан асрайди.
Изоҳ (0)