«Ирма» тўфони кучи учинчи даражагача пастлади ва айни вақтда Кубанинг шимолий қирғоқлари бўйлаб ҳаракатланишда давом этмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
АҚШнинг Тўфонлардан огоҳлантириш бўйича миллий маркази маълумотларига кўра, «Ирма» Флорида томон ҳаракати давомида яна кучайиши мумкин.
Аввалроқ «Ирма» тўфони энг юқори — бешинчи даражагача кучайгани ҳақида хабар берилган эди.
«Тўфон Кубанинг шимолий қирғоқларини ларзага солишда давом этмоқда. Прогнозга кўра, тўфон Жанубий Флорида ҳамда Флорида-Кис архипелаги томон ҳаракатланиш вақтида яна кучайиши мумкин», — дея хабар бермоқда марказ.
Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, «Ирма» камида сўнгги ўн йилда Атлантика океанида юзага келган энг кучли тўфон деб эътироф этилмоқда. Мутахассислар фикрича, унинг кучи бир муддат аввал Техасга ёпирилган ва фалокатли сув тошқинларига сабаб бўлган «Харви» тўфонидан юқорироқ.