Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли — пойтахт Душанбе мери Рустам Эмомали шаҳарнинг олий ва касбий таълим муассасаларида дарсларни соат 9:00 дан бошлаш таклифи билан мамлакат ҳукуматига мурожаат қилмоқчи.
«Азия-плюс»нинг ёзишича, ҳозирги вақтда таълим муассасаларида дарслар соат 8:00 дан бошланади. Шу сабабли ҳам бир вақтнинг ўзида ишга ва ўқишга бораётганлар кўчада тўқнаш келмоқда, оқибатда кўчаларда тирбандликлар юзага келмоқда.
Душанбе мериясидан маълум қилишларича, тонгги «тиғиз вақт»да шаҳар кўчаларига бир вақтнинг ўзида 108 минг киши чиқади.
«Шаҳарда жамоат транспорти сонини оширсак ҳам, бу билан тирбандликлар йўқолиб қолмайди. Аксинча, ҳозир манзилга етиб олиш учун 25—30 дақиқа сарфлаётган шаҳарликлар янада кўпроқ вақт йўқотишади. Шу сабабли ҳам биз ОТМлардаги дарсларни 9:00 дан бошлашни, ёки иккинчи сменаси йўқ ОТМларга иккинчи сменани ташкил этишни таклиф қилмоқчимиз», — деди шаҳар маъмурияти вакили.
Маълумот учун, август ойи охирида Тожикистон таълим вазирлиги дарсларнинг бошланиш вақтини 7:30 дан 8:00 га кўчирган эди. 7:30 лик вақт эса Душанбенинг аввалги мери — Маҳмадсаид Убайдуллаев томонидан ўрнатилган эди. У эрталабки вақтда жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини тартибга солиш мақсадида мазкур тартибни жорий этган эди.