ЎФФ халқаро бўлимида фаолият олиб борувчи Шерзод Игамбердиев Facebook саҳифасида футбол журналистларини ҳақорат қилгани учун узр сўради. Аввалроқ футбол журналистлари федерацияси раҳбариятига очиқча чиқиш қилиб, журналистларни тинимсиз ҳақорат қилишда чегара билмаётган Игамбердиевни ё ишдан бўшатишни ёки бўлмаса ЎФФ расмий сайтида тушунтириш беришини талаб қилганди.
Ўзбекистон — Қирғизистон ўйини арафасида Игамбердиев Facebook саҳифасида чиқиш қилиб, айтганлари учун узр сўради ва ўзбекистонлик футбол журналистларини мамлакатдаги энг яхшиси деб тан олди. Бироқ ЎФФ расмий сайти бу борада расман тушунтириш бермади, шунингдек, Игамбердиевнинг ишдан олингани борасида ҳам хабар чиқмади.
Қуйида Шерзод Игамбердиевнинг узрномаси келтирилган:
Кеча мен журналистларимиз даражасини қишлоқники билан тенглаштириб пост қолдирганимдан сўнг, журналистлар жамоатчилиги Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбариятига очиқ мурожаат билан чиқиб, менинг расман кечирим сўрашимни талаб қилди.Бу постда мен Ўзбекистон журналистларидан очиқчасига узр сўрайман. Ҳозир биз яқиндан билган ўзбекистонлик журналистлар шубҳасиз мамлакатнинг энг яхши журналистларидир. Улардан зўри йўқ, йўқса уларни ҳеч ким ўқимаган ва миллионлаб ишқибозлар уларга қулоқ солмаган бўларди. Бу айни ҳақиқат. Бир вақтнинг ўзида ҳозирги вазият мамлакатимиз журналистлари бирдамлигининг ёрқин далилидир.
Кеча мени тегишли постни ёзишга мажбур қилган жиҳат Ўзбекистон — Қирғизистон учрашувининг ёпиқ эшиклар ортида ўтиши билан боғлиқ фактнинг журналистлар томонидан, менинг наздимда, мутлақо ноҳақ танқид этилгани бўлди. Шу муносабати билан, мен гуруҳдаги рақибимиз Қатар ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўртоқлик учрашуви ўтказаётганига журналистлар эътиборини қаратишга қарор қилгандим. Менинг постимни ҳақорат сифатида қабул қилиб, айни дамда ундаги асосий маънога умуман эътибор қаратмаганликларидан афсусдаман.
Ҳозир терма жамоамиз Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида иккита жуда муҳим ўйин ўтказиш остонасида турибди. Можаро ва танқидлар — терма жамоа ва мураббийлар штаби учун ҳозир энг кам зарур нарсалардир. Мана шу мураббийлар штабига охиригача ишлашга имкон беринг ва шундан сўнг унинг иш натижалари ҳақида мулоҳаза юритинг.
Шунинг учун, мен журналистларимиз ва ишқибозларимизга очиқ мурожаат қилиб, шу кунларда терма жамоани қўллаб-қувватлашга ҳамда муҳим баҳсларга мураббийлар штаби ва футболчиларнинг оммавий можаролар, ҳақоратлар, мемлар фонида эмас, балки қўллаб-қувватлов остида тайёргарлик кўришига имкон беришингизни қаттиқ илтимос қилиб қоламан.
Шерзод Игамбердиев, ЎФФ ходими
Изоҳ (0)